2010 йилги жаҳон чемпионати ва 2012 йилги Лондон олимпиадасининг очилиш учрашувини бошқариб борган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматовга навбатдаги масъулиятли ўйин ишониб топширилди.
Лондон-2012 олимпиадаси гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган Мексика ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги ўйинни Равшан Эрматов бошқариб боради. Унга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради. «В» гуруҳи иштирокчилари ўртасидаги сўнгги тур беллашуви 1 август куни Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.
2-турдан кейин Мексика ва Жанубий Корея терма жамоалари 4тадан очко жамғаришган. Швейцария ва Габонда 1тадан очко бор. Демак гуруҳ қўшҳокимларини дуранг натижа ҳам қаноатлантиради. Шунингдек қолган икки мамлакатда ҳам гуруҳдан чиқиш имкони сақланиб турибди.
Равшан Эрматов 1-турдан жой олган Буюк Британия ва Сенегал терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам бошқариб борганди.