Ўзбекистонлик трио ҳаракат қилаётган «Актобе» Бельгия етакчиларидан бирига енгилди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига аъзо бир йўла уч нафар футболчи ҳаракат қилаётган Қозоғистоннинг «Актобе» клуби учинчи саралаш босқичининг дастлабки ўйинида имкониятни бой берди.
Бельгияда «Генк» меҳмони бўлган қўшни республика вакили 1:2 ҳисобида енгилишди. Беллашувнинг 18-дақиқасида мезбонлар пенальтидан муваффақият қозонишди. Орадан етти дақиқа ўтиб меҳмонлар мувозанатни тиклашганди. Бироқ 44-дақиқада Жозеф-Монроз томонидан киритилган гол ўйиндаги якунийси бўлди.
Иккинчи босқичнинг дастлабки ўйинини Молдовада «Милсами» клубига қарши ўтказган «Актобе» 2:4 ҳисобида енгилиб, жавоб ўйинида вазиятни ўз томонига оғдира олганди – 3:0. Бельгияда учралган 1:2 ҳисобидаги мағлубият иккинчи босқичдаги мағлубиятга нисбатан қониқарлидир.
Европа лигасида «Актобе»га катта ёрдам бераётган трио Бельгиядаги ўйинда ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Тимур Кападзе тўлиқ – 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, Александр Гейнрих 81, Марат Бикмаев 89-дақиқада ўз ўрнини бошқа бир футболчига бўшатиб берди. Бунга қадар «Актобе» иштирокидаги 4та халқаро ўйинни ўзбекистонлик футболчилар голсиз тарк этишмаганди (Бикмаев 2та, Кападзе ва Гейнрих 1тадан).
Қозоғистондаги жавоб ўйини 9 август куни бўлиб ўтади.