Федерация тарихи

Футбол — Ўзбекистон халқи маданий ҳаётининг ажралмас қисмларидан биридир. Ўзбек футболининг тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. XX асрнинг бошида, 1912 йилнинг ўзидаёқ бутун Фарғона водийси, хусусан, Қўқон шаҳри ушбу ўйин билан "касалланиб" бўлган эди. Бироз вақт ўтиб бундай жамоалар Самарқанд, Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳам пайдо бўла бошлади. Ўша узоқ йилларда мамлакатимиз жамоалари ўртасида турли мусобақалар ўтказила бошланган.

1928 йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси тузилган. Терма жамоа ўша йили Москвада бўлиб ўтган Бутуниттифоқ спартакиадасида қатнашди. Ўтган асрнинг 30-йилларида ўзбек футболчилари Норвегия ва Германия ҳаваскор терма жамоалари устидан ғалаба қозонишган.
 
1939 йилдан Ўзбекистоннинг етакчи жамоалари — "Динамо", "ТОДО", "Спартак" (Тошкент) Собиқ Иттифоқ Кубоги ва "Б" тоифали жамоалар биринчилигида қатнаша бошлади. 
 
1956 йил Тошкентда ҳозирги кунга қадар ўзбек футболининг энг муввафақиятли ва машҳур жамоаси — "Пахтакор" тузилди.
 
1991 йил Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришди. Уч йил ўтар-ўтмас, 1994 йили Ўзбекистон Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг тўлақонли аъзосига айланди ва жаҳонда бўладиган барча нуфузли мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1994 йил Осиё ўйинлари ғолиби саналади. Рустам Акрамов бошчилик терма жамоа финал учрашувида Хитой терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратган.
 
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг эътиборлари эвазига мустақиллик даврида ҳукуматиз томондан болалар ва профессионал футболни ривожлантириш йўлида бир нечта муҳим қарор ва фармойишлар қабул қилинди. Натижада, ҳозирги кунда Республикада болалар ва ўсмирлар футболи, профессионал футбол, футзал, аёллар футболи ва оммавий футболни ривожлантириш учун барча ҳуқуқий ва норматив асос яратилган.
 
Ўзбекистон Футбол Федерацияси мусобақалар ўтказиш фаолиятини профессионаллаштириш йўлида 2009 йил Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси тузди. Ушбу лига мамлакатимизда ўтадиган футбол бўйича Олий ва Биринчи лига мусобақаларини ўтказишни ўз бўйнига олади.
© THE-UFF.COM

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.